Skip to content
Umumiy maqolalar: 11

“ҲАМДЎСТЛИК КУТУБХОНАЛАРИНИНГ ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИГИ” ХАЛҚАРО ЛОЙИҲАНИНГ ТЎРТИНЧИ МАВСУМИ ЯКУНЛАНДИ

👁 306 📅 05.03.2026

Annotatsiya

Автор статьи делится своими впечатлениями об участии в двухэтапном проекте «Образовательная коллаборация библиотек Содружества - 2024», который проходил с 15 апреля по 24 мая. В течении этого времени в Российской Государственной, в Национальной библиотеке Республики Татарстан и на всех крупных культурных площадках Москвы и Казани 50 участников в ходе семинаров, конференций, презентаций лучших практик в библиотечной сфере, делились своими наработками, интересным опытом, инициативами и идеями. Свыше 1500 специалистов со всей России, специальные гости из зарубежных стран (Беларуси, Индии, Ирана, Китая, Кубы, Сербии) совместно с участниками проекта обсуждали будущее библиотечной сферы. Значимыми для участников стран Содружества стали встречи с генеральным директором Российской государственной библиотеки, президентом Библиотечной Ассамблеи Евразии Вадимом Дудой, руководителем Россотрудничества Евгением Примаковым и другими руководителями и организаторами данного проекта, которые указали вектор будущего библиотек и создали возможности упрочить связи с коллегами из стран Содружества.

2024 йил 15 апрелдан 24 майга қадар Россия Давлат кутубхонаси Россотрудничество билан ҳамкорликда тўртинчи марта “Янги авлод” дастури доирасида икки босқичли кенг кўламли лойиҳани амалга оширди. Лойиҳада Россия ва хорижий мамлакатлардан Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан республика, вилоят, туман ва идоравий кутубхоналар вакилларидан иборат 50 нафар 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш мутахассислар иштирок этдилар.

Лойиҳанинг биринчи босқичида масофавий тарзда 15-26 апрел кунлари иккита малака ошириш дастури — “Блоглар ва ижтимоий тармоқларда мулоқот: стратегия ва тактика” ва “Мулоқотни бошқариш: бошқарув психологияси” мавзуларида “iSpring Learn” платформаси орқали жами 32 академик соатлик тренинглар ташкил этилди. Масофавий тренинг якунида барча иштирокчилар онлайн тарзда тест синовларида қатнашдилар. Ўтказилган тест синови натижасига кўра барча иштирокчилар муваффақиятли ўтганлиги аниқланди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 17 май куни Россия Давлат кутубхонасида бошланди. Кутубхонада “Янги авлод” дастури “Таълим” блокининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Семинар давомида “Ҳамдўстлик кутубхоналарининг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги”, “Осиё ёш етакчилари” ҳамда рус тили “InterRussia” лойиҳалари бўйича хорижий мутахассислар учун амалий машғулотлар бўлиб ўтди.

“Таълим” блокининг очилишида ўтказилган семинар-тренингда Россия Давлат кутубхонаси бош директори, Евроосиё кутубхоналар ассамблеяси президенти Вадим Валериевич Дуда иштирокчиларга мурожаатида:

“Кутубхоналарнинг келажаги жуда катта, чунки биз ҳаммамиз китоблар цивилизациясимиз, ақлли китобларда ёзилганларга ишонишимиз керак. Ахир китоб ўқийдиганлар телевизор кўраётганларни ҳамиша назорат қиладилар” —деб таъкидлади.

Семинарда Россотрудничество раҳбари Евгений Александрович Примаков, А.М. Горчаков номидаги Халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директорининг ўринбосари Виктория Георгиевна Карслиева, А.С. Пушкин номидаги рус тили давлат институти таълимни ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича проректори Дина Анатольевна Горбатова, Олтой давлат университетининг халқаро фаолиятни ривожлантириш бўйича проректори Роман Ильич Райкинлар ҳам иштирок этдилар.

Россотрудничество раҳбари Евгений Александрович Примаков лойиҳанинг мақсади ҳақида гапирар экан, шундай деди:

“Бизнинг мазмунли алоқаларимиз, олган билим ва тажрибамиз бизни янада яқинлаштиради ва янада яхшилайди. Бу бизнинг мақсадимиз — танишув нафақат ёқимли ва қизиқарли, балки келажакдаги қўшма ташаббусларни шакллантириш учун ҳам фойдали бўлади”.

“Янги авлод” дастури бўйича ёш мутахассислар ўзларининг халқаро ҳамкорлиги соҳасидаги илғор тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Ленин номидаги Россия Давлат кутубхонасининг кутубхона ва ахборот хизматлари бўлими сектори мудири Анжелика Александровна Лангольф тингловчиларни Россия Давлат кутубхонасининг электрон ресурслари ва улардан фойдаланиш имкониятлари билан таништирди.

Иштирокчиларга лойиҳанинг кутубхона муҳитида истиқболлари ва долзарблиги, қўшни мамлакатларда умумий гуманитар ва касбий макон яратишдаги аҳамияти ҳақида хулосалар берилди.

Лойиҳа доирасида турли мамлакатлардан ташриф буюрган ёш мутахассислар бир-бирлари билан барқарор мулоқот яратиш, профессионал алоқаларини ўрнатиш ва узоқ муддатли ҳамкорлик ишларини йўлга қўйишни ўзларига мақсад қилиб олдилар.

Лойиҳа иштирокчилари 20-22 май кунлари Қозон шаҳрида Россия кутубхоналар ассоциациясининг XXVIII конференцияси: “Бутунроссия кутубхона конгресси”да иштирок этдилар. Лойиҳанинг энг ёрқин воқеаларидан бирига айланган конгресснинг тантанали очилишида ёш делегатларни Россия кутубхоналар ассамблеяси президенти Михаил Дмитриевич Афанасев кутиб олди.

Конгресс очилишида Россия Давлат кутубхонаси директори В.В.Дуда, Қозон ва 12 та ҳамдўстлик давлатларидан 1500 нафар меҳмонлар иштирок этдилар. Конгрессда Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Сербия вакиллари илк бор қатнашдилар.

 

21-май куни Қозон миллий кутубхонасида Россия кутубхоналар ассамблеясининг Халқаро ҳамкорлик бўлими томонидан ташкил этилган “Оила – миллатнинг посбони ва маданий кодексининг яратувчиси” мавзусидаги семинарда “Таълим соҳасидаги ҳамкорлик” делегатлари фаол иштирок этишди. Семинарда Ф.Кочарли номидаги Республика болалар кутубхонаси (Баку, Озарбайжон) ва О.Бокей номидаги марказлаштирилган кутубхона тизими (Уст-Каменогорск, Қозоғистон) ходимларининг тақдимотлари тингланди. Семинар давомида иштирокчилар қизиқарли амалий машғулотларда ўзларини синаб кўрдилар.

50 нафардан зиёд иштирокчилар етти гуруҳга бўлиниб “Кутубхонада оила” мавзусидаги лойиҳада иштирок этдилар. Лойиҳада иштирокчилар икки тилли оилалар, соғлом оилавий турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳаллий аҳолининг маданияти ва тилларини сақлашга қаратилган турли мавзулардаги лойиҳалар устида ишладилар.

22-май куни Қозон миллий кутубхонасида чет эллик ҳамкасблар Россия кутубхоналар ассамблеясининг Ёшлар бўлими томонидан ташкил этилган семинарда иштирок этдик. Семинарда Арманистон Миллий кутубхонаси (Ереван), Беларусь Миллий кутубхонаси (Минск) ва К.Баялинов номидаги Республика болалар ва ўсмирлар кутубхонаси (Бишкек, Қирғизистон) делегатлари кутубхоналардан ёш кадрлар кетиб қолишининг олдини олиш бўйича олиб бораётган тажрибалари билан бўлишдилар.

23-май куни дастур бўйича машғулотлар Россия Давлат кутубхонасида давом этди. Ёш мутахассислар профессионал маслаҳатлар олиб, Шарқ адабиёти маркази ҳамда Кутубхона ахборот хизмати бўлими фаолияти билан яқиндан танишиб, кутубхоначиларда янги кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган гуруҳ дарсида қатнашдик.

Лойиҳа 24 май куни Россия Давлат кутубхонасида якунланди. Бу куни Ҳамдўстлик мамлакатларидан ташриф буюрган ёш делегатлар учун “Замонавий кутубхоначи: самарали коммуникациялар” амалий семинар ҳамда касбий тренинг бўлди. Якуний машғулотлардан сўнг Россия Давлат кутубхонаси илмий ва ўқув фаолияти департаменти директори Евгения Николаевна Гусева ва директор ўринбосари Ирина Владимировна Гайшун томонидан “Ҳамдўстлик кутубхоналарининг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги”нинг тантанали ёпилиши бўлиб ўтди.

Якунлаш маросими доирасида Ирина Владимировна Евроосиё кутубхоналар ассамблеясининг фаолияти ва лойиҳалари ҳақида тақдимот қилди, йил давомида режалаштирилган тадбирлар ва ташкилотнинг асосий устувор йўналишлари ҳақида гапирди.

Барча делегатларга белгиланган турдаги малака ошириш курсларини тамомлаганлиги бўйича сертификатлар тантанали равишда топширилди. Лойиҳа юзасидан фикрлар алмашилди.

Биз ёш кутубхоначилар учун дастур кўлами, ташкил этилиши ва касбий мазмуни кутганимиздан ҳам қизиқарли даражада бўлди. Ўз навбатида ташкилотчилар ҳам лойиҳанинг ажойиб муваффақиятини, гуруҳнинг бирдамлиги, очиқлиги ва дўстона муносабатини, ёш кутубхона раҳбарларининг бир-бирлари билан тажриба, билим ва ижобий ҳис-туйғуларни алмашишга тайёрлигини таъкидладилар.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг мақсади иштирокчиларнинг Россия Давлат кутубхонаси ва уларнинг муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш эди.

Фойдаланилган адабиётлар:

Виноградова Н.Н, Нерюева В.М Образовательная коллаборация библиотек Содружества" проект с огромным потенциалом // «Вестник Библиотечной Ассамблеи Евразии». – Москва 2023 . - №2 . – С 14