Loading

 

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси. 

Тўлқин Сиддиқ

 


КИТОБСЕВАРЛАР БИЛАН СУҲБАТ

(Китоб ўқиган инсоннинг юраги кенгайиб боради)

Одатда одамлар кўп тўпланадиган жойларда шовқин ҳукмронлик қилади. Биз кириб келган муташам бинонинг биринчи, иккинчи, учинчи қаватларидаги кенг ва ёруғ заллар асосан ёш йигит ва қизлар билан гавжумлигига қарамай, сув сепгандай сокин. Ҳа, топдингиз… Бу Бобур номидаги Андижон вилоят ахборот-кутубхона маркази.

Китобларни варақлаб, нималарнидир қоғозга тушираётган китобхонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг кутубхонага мунтазам келиб мутолаа қилишларининг сабаби, китобларнинг уларнинг ҳаётидаги ўрни ва омили ҳақида билишга қизиқдик.

Залларни кўздан бир кечирибоқ муштарийларнинг аксарияти талаба ёшлар, абитуриентлар эканлигини фаҳмлайсиз. Уларнинг бири Андижон давлат тиббиёт институтининг 5-босқич талабаси Азамат Тожибоев.

Оиламизда ҳаммамиз китоб ўқишни ёқтирамиз, – деди Азамат биз билан суҳбатда.

Отам хорижда ишлаб, бизни моддий таъминлаб туради. Онам уй бекаси, китоб, газета ўқишни канда қилмайди. Бу менга укаларимга ҳам юққан. Институтимизда домлалар берган кўрсатмалар бўйича тиббиётга оид қўлланмаларни мутолаа қилиш билан бирга бадиий китобларни ҳам ўқишга вақт  топаман. Имом ал-Бухорий ҳаёти ҳақидаги “Соҳилсиз денгиз” номли китобни ўқиб чиқдим ва синглимга ҳам тавсия қилдим. Унга китоб жуда ёқди.

Олтинкўл туманидан ҳар куни қатнаб ўқишда вақтдан ютқазаётганим учун Андижон шаҳрида квартира ижарага олганман. Кўп вақтим кутубхонада ўтади. Бу ерда имтиҳонларга тайёрланиш, тафаккуримни оширишим учун барча шароитлар мавжуд. Ташқарида жазирама иссиқ, залларда эса ҳаво мўътадил. Ўзимда бўлмаган адабиётларни топиш қулай, атрофдагилар ҳалақит бермайди аксинча, ёрдамини аямайди.

Ёши 75 га борган улуғнорлик нуроний Мўмин Саттор вилоят кутубхонасига келиб туришга доим вақт топади.

Унинг ҳаёт йўлини ёшларга дарслик сифатида ўқитса арзийди. Мўминжон ота дунёнинг кўплаб, шаҳар ва қишлоқларида бўлган, турли миллат ва элатлар турмуш тарзини ўрганган. “Самовий шуълалар”, “Муродбахш орзулар”, “Мени адашган денглар”, “Ватан ишқи”, “Шаҳрихонсой мавжлари”, “Албамистрот”, “Инсоннинг пайдо бўлиши”, “Умр мезони” номли китобларнинг муаллифи. М.Лермонтов, А.Ахматова, Олдингтон, М.Цветаева, Саъдий, Ҳофиз, Зебинисо каби алломаларнинг ижодидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган.

 

Шунча йил яшаб бу дунёда китобдан-да ортиқ мўжиза, яқин дўст топмадим, – дея нуроний ўзи битган шеърдан икки мисра ўқиди:

Ҳам зиё, ҳам маърифатдир, асли ҳикматдир китоб,

Қайнаган қалбдан тўкилган обираҳматдир китоб.

Вилоят ахборот-кутубхона марказида “Ноёб китоблар хонаси” бор, – деди у фикрини давом  эттириб. – Бу ерда Гётенинг рус тилига таржима қилинган асарларидан 26 кг.лик вазндаги улкан китоби сақланаётганлигини кўпчилик билмайди. (“Фауст”) Мен матбуот учун тайёрлаган “Великая достояние православной веры”  сарлавҳали мақоламни мазкур хонадаги “Инжил” нинг 1086 йили кўчирилган нусхаси (Абрагос), СССР ФАнинг буйруғи билан 500 нусхада ксерио қилиниб, 1961 йили Андижонга ҳам келтирилган нусхаси ва “Таврот” нинг 22 китобининг оргиналидан фойдаланганман. Айтмоқчиманки, кутубхонага келган ҳар бир муштарий ўзи учун зарур адабиётларни топади.

Китоб ўқиган инсоннинг юраги кенгайиб боради ва у муаммоларнинг ечимини илмдан ахтаради.

Ўрта ёшлардаги истарали аёл ўзини доцент Роҳилахон Умрзоқова деб таништирди. У мактабда ўқиб юрган чоғлариданоқ ўз олдига олима бўлишни мақсад қилиб қўйган ва тиришқоқлик билан билимини кенгайтириб борган экан.

Андижон шаҳридаги 46-умумтаълим мактабини олтин медал билан тамомлагач, тиббиёт билим юрти ва Андижон давлат тиббиёт институтини  қизил диплом билан битирган. 1989 йилдан ўзи таҳсил олган олийгоҳда ёшларга сабоқ бера бошлаган. Москвадаги Бутуниттифоқ Гематология ва Бутуниттифоқ Валеология институтларида илмий изланишлар олиб борган. Тошкент Тиббиёт академияси докторантурасида ўқиган.

Илмий ишларимдаги барча муваффақиятларим китоб билан боғлиқ, – деди у бизнинг саволимизга жавоб бераркан, – докторлик диссертациямни якунлаяпман. Яқинда қорақантнинг юрак фаолиятини яхшилашдаги моҳияти ҳақида монография тайёрладим. Ҳозир “Трамбцитания ва уларнинг турлари” мавзусида монография ёзаяпман. Бунда менга вилоят ахборот-кутубхона марказининг ёрдами беқиёс бўлаяпти. Мутахассислар зарур адабиётлар, газета ва журналларда чоп этилган керакли мақолаларни топишда беминнат кўмаклашдилар. Айниқса, электрон кутубхона  мутахассисларидан ғоят миннатдорман.

Институт ва лицейларда ички касалликлар, қон ва касб касалликлари, ҳарбий-дала терапиясидан лекциялар ўқийман. Ёшларга сабоқ бериш учун ўқитувчининг ўзи замон билан ҳамнафас билим доирасини кенгайтириб бориши зарур. Кутубхона эса – билимлар хазинаси. Илмий ишлардан толиққан пайтларимда қўлимга бадиий китобларни олиб ўқийман. Яхши бир шеър, яхши бир ҳикоя бутун чарчоғимни ёзиб юборади.

Вилоят ахборот-кутубхона марказига шанба -якшанба кунлари ҳарбий хизматчилар оилалари билан келадилар. Андижон шаҳридаги ҳарбий қисм бўлим бошлиғи, майор Абдуманноп Абдуллаев билан суҳбатлашдим.

5 мингга яқин китоб ва 70 мингдан зиёд электрон китобларга эга кутубхонамиз бор, – деди у.  Аммо, аскарларимиз, сержант ва зобитларимизда китоб ўқишга эҳтиёж катта. Шунинг учун биз вилоятимизнинг марказий кутубхонаси билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Очиғи, хизматни энди бошлаган ҳарбий хизматчиларимизнинг аксариятида китоб ўқишга  мойиллик бўлмайди. Аммо биз турли хил тадбирлар ўтказиш орқали бу муаммонинг ечимини топишга эришганмиз. Бир ойда икки марта таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ўтказиб борамиз. “Китобсевар”, “Ёш китобхон оиласи”, “Темур тузуклари билимдони” каби кўрик танловларимизда нафақат ҳарбий хизматчилар балки уларнинг оилалари ҳам иштирок этмоқдалар.

Агар ўғлингиз ёки жиянингиз ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, кўпинча китоб варақлайдиган, газета ва журналлар ўқийдиган бўлиб қолса ажабланманг. Йигитлар армияда ҳарбий билимларни эгаллаб,  зарур кўникмаларга эга бўлиш билан бирга ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан чиниқадилар.

Абонаментлар секторидаги кутубхоначи аёлга китоблар топшириб, ўзига маъқул бўлган янги бадиий асарларни олиш учун келган ориққина қизни суҳбатга тортдим. Исми-шарифи Руқияхон Салоҳитдинова бўлиб, Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабининг 8- синфида ўқиркан.

Вилоят ахборот-кутубхона марказига аъзо бўлганингизга анча бўлдими?- дея берган саволимга у шундай жавоб берди:

Икки йил аввал синф раҳбаримиз Гулнора опа Даминова мана шу кутубхона ҳақида гапириб берди, кейин бутун синф ўқувчиларини шу ерга экскурцияга олиб келди. Қанча машҳур ёзувчилар ёзган минглаб қизиқарли китоблар, ўзим ахтариб юрган бадиий адабиётларни кўриб ҳайрон қолдим. Шу чоққача мен учун қоронғи бўлган сеҳрли дунёга кириб қолгандайман.

Ота-онам китоб ўқишга қизиқишмаган. Опам Ойқиз ҳам турмуш ўртоғи билан новвойчилик қилишади. Китоб ўқишга вақтлари йўқлигини айтишади. Мени  эса китоблар ўзига оҳанрабодек тортади. Китоб ўқишнинг лаззати бошқа. Уни тотиб кўрган киши умрбод ҳикматлар оламининг мафтунига айланади. Ўз олдимга руҳшунос бўлишни мақсад қилганман. Мураккаб руҳий ҳолатларга тушиб қолган инсонлар дардига малҳам бўлиш, боши берк кўчадан уларни олиб чиқиш, йўқолган ишончини тиклаш учун руҳшунос катта ҳаёт тажрибасига эга бўлиши, касбга оид ва бошқа турли адабиётларни ўқиган бўлиши зарур. Бу кутубхона бунда менга катта мададкорлигини биламан.

Бирор бир корхона ёки қурилишда меҳнат қилаётган оддий ишчи ёки деҳқон билан китоб ҳақида суҳбатлашмоқчи бўлдим. Кутубхонада бундай китобсеварларни учрата олмагач, шу атрофда турли туманларга бормоқчи бўлган йўловчиларга хизмат кўрсатиш илинжида ўтирган бир гуруҳ ҳайдовчиларга мурожаат этдим. Улар умуман китоб ўқишмас экан.

Йўловчилар келишини соатлаб кутиб ўтирасизлар, вақтни китоб ўқиш билан ўтказсанглар бўлмайдими?

Йигитлар бир-бирига қарашиб жилмайишди. Уч-тўрттаси бетон брусчаткадан туришиб, ўзларини четга олишди.

Эски шаҳардаги деҳқон бозори ёнига қурилаётган улкан қурилиш объектларида 250 киши меҳнат қиларкан. Қурилишга раҳбарлик қилаётган Умаржон Бозоровнинг айтишича, 1400 квартиралик 16 та тўққиз қаватлик бинолар қат ростлаяпти.

Дам олиш соатлари бўлса керак, – дея  берган саволимга у шундай жавоб қайтарди:

Қурувчиларимиз тушлик қилиб олгач бир соат мизғийдилар.

Китоб ўқийдиганлар ҳам борми?

Йўқ, иш кўп.

Иш юритувчининг ёрдамчиси Хурсандбек Мамажоновдан ўзингиз китоб ўқийсизми,- дея сўрадим.

Иш эрталаб соат 8 да бошланади, – деди у. – Кеч соат 20 да якунланади. Одамларни кузатиб ҳисоб-китоб қилиб уйга боргунимча соат 22 дан ортади. Ишимиз кунбай эмас, ишбай. Қурувчиларимиз иложи борича кўпроқ иш ҳаққи олишлари учун ҳаракат қилишади.

Ёши элликлардан ўтган сувоқчи отахондан фарзандларингиз китоб ўқийдими, – дея сўраганимда у менга маъноли қараб, бош чайқади. Ёши ўттизларга борган пахтаободлик қурувчи йигит, “Мен гоҳида диний китоблар ўқийман” – деди.

Афсуски, улкан қурилиш объектида меҳнат қилаётганлар орасида бирорта китобсеварни топа олмадим. Албатта, улар эрталабдан кечгача тер тўкиб меҳнат қилишади, бунёдкорликда фидокорлик кўрсатадилар, бола-чақа боқадилар. Аммо маънавиятдан анча узоқлашиб боришаяпти.

Китоб ўқишга меҳр болаликдан бошланади, асосан оилада шаклланади. Ота-она маънавият хақида қайғурмаса фарзандлари ҳам тубанликдан чиқа олмайдилар. Китоб ўқиш  улар учун бекорчилик, беъманилик бўлиб туюлади.

Бир пайтлар амаким телевизорда симфоник оркестор концерт намойиш этаётганлигини кўриб, “Ўчир овозини шу ҳам мусиқа бўлдими”,- дея хуноби чиққанди. Россияда ўзбек классик куйларини тинглаётганимизда русларнинг баъзилари “Сенларда шундан бошқа дурустроқ мусиқа йўқми?” дейишиб устимиздан кулишганди. Аслида одамлар ўзи тушунмайдиган нарсаларни ёқтирмайдилар, ажойиб санъат асарлари, адабиёт ҳикматларидан завқлана олмайдилар. Омма орасида маънавий тарбия билан шуғулланиш, китобга меҳр уйғотишга жиддий эътибор қаратиш зарур. Жадидлар айтмоқчи: – “Ўқимайдиган халқ ривожланишдан тўхтайди”. Бу сўзлар бугунги кунда ҳам ўз моҳиятини йўқотгани йўқ.


 

«Bobur kutubxonasi» журнали

2023-йил 3-сон  8-13 саҳифалар