Loading

Умида Қодирова

Электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари хизмати бош мутахассиси

 

Зохида Холбекова

илмий методика хизмати етакчи мутахассиси

 


ЭРТАКТЕРАПИЯ”  ОРҚАЛИ БОЛАЛАРДА ИЖОДИЙ  СИФАТЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

Дунёда миллий эртаги бўлмаган халқ-элатнинг ўзи бўлмаса керак. Деярли ҳаммамиз бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз, ака-опаларимиз ёки ўқитувчиларимиздан эртак эшитиб улгʻайганмиз. Ҳеч бўлмаганда китоблардан ўқиганмиз.

Ёш авлодни билимли, доно ва ахлоқли қилиб тарбиялашда эртакларнинг ўрни жуда муҳим. Эртак бола учун ахлоқий таълимот ва насиҳатлардан кўра афзалроқдир. У яхшиликка ишончни уйғотади, қийин вазиятда ечим топишга, одамлар билан муносабатларни ўрнатишга ёрдам беради. Эртак боланинг адолат, севги, дўстлик, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тасаввурини шакллантиради.

Болалар оҳанграболи олам ҳисобланиб, жуда тез ўсиш, ривожланиш ва ўзгаришлар ичида яшайдилар. Бу фарзанд тарбиясида айнан шу палла қанчалик аҳамиятли эканининг яна бир исботидир. Бугунги кун психологлари болаларни тарбиялашнинг усулларидан бири сифатида эртак терапияни жуда кўп таъкидлаб ўтишмоқда. Эртактерапия бу болани эртаклар орқали тарбиялаш ва даволаш методидир. Болаларимизда китобга меҳр, иштиёқ уйғотиш учун, аввало, ўзимиз унга тўғри муносабатда бўлишимиз лозим. Китобга  меҳр қўйишнинг ўзида бир ҳикмат бор.

Эртаклар ақлга ҳам, юракка ҳам фаол таъсир кўрсатади: ақлни тўлдиради, юракни ҳиссиётчан қилади. Барчамиз болаларимизнинг жасур ва интилувчан, диёнатли, эътиқодли, ақлли бўлиб вояга етишини истаймиз. Бунинг учун эса, унинг тарбиясига ижобий таъсир қиладиган, ақлий салоҳиятини ўстирадиган эртаклардан фойдалансак бўлади. Эртактерапия атроф-муҳит билан ўзаро муносабатни мукаммаллаштириш ҳамда эмоционал бузилишларни тўғрилашда фойдаланиладиган усулдир. Эртаклар болага умид беради. Эртаклар орқали биз болани тарбилаймиз, унинг ички дунёсини бойитамиз, қалбини даволаймиз, ҳаёт ҳақида билим берамиз, хаёлини ўстирамиз. Ҳақиқий эртакнинг асосий белгиси бу – унинг яхшилик билан тугашидир. Эртакларда нимаики содир бўлмасин, яхшилик билан якун топади.

Эртактерапияси нима?

Эртактерапияси боладаги муаммоларни бартараф этиш, бола идроки учун мураккаб нарсаларни унга енгил шаклда тасвирлаш, болалар билан ишлашнинг инновацион усули бўлиб, бола психологиясидаги мавжуд муаммоларни эртаклар ёрдамида мулойим тарзда ва уни ортиқча қийналмай бартараф этишнинг энг таъсирчан усулидир.

Болалигимизда эртак қаҳрамонлари билан бирга яхшилик ва ёмонлик, саҳийлик ва хасислик, мардлик ва қўрқоқлик, раҳмдиллик ва бағритошлик, вафо ва хоинликни бир-биридан фарқлашни ўрганамиз. Айнан мана шу ҳикоялар ўй-хаёлларимизни, психологик дунёқарашимизни шакллантириб, орзу қилишга ўргатган ва беихтиёр ўзимизни эртак қаҳрамони ўрнига қўйиб, у билан бирга ҳаёт ҳақиқатини англаш ва энг мушкул ҳолатлардан ҳам шараф билан чиқиб кетиш чораларини топишга ёрдам бериб келган.

Маълумки, ҳар қандай эртакда қуйидаги элементлар бўлади: қаҳрамон ва қаҳрамонлар, сюжет, конфликт ва ечим. Аммо бола ўзини эртакдаги қаҳрамонлар билан қиёслай олса, воқеаларни ўз ҳаётидаги воқеаларга ўхшаца ва улардан оз бўлса ҳам қандайдир ўрнак олса ва энг муҳими, унинг бош мақсадини тушунсагина эртак терапевтик таъсирга эга бўлиши мумкин. Ўшандагина бола эртак қаҳрамонларига тақлид қила бошлайди ҳамда яхшилик ва ёмонликнинг фарқига боради. Ўзига нисбатан ишончи кучли бўлган бола доим комиллик сари интилиб яшайди. Хусусан, “Зумрад ва Қиммат”, “Пиноккио”, “Сеҳрли шамчироқ”, “Маугли”, “Оппоғой ва етти гном”, “Қор маликаси” каби юзлаб эртакларда шундай ғоялар мужассам. 

Эртактерапия болага нима беради?

1.Эртактерапия ёрдамида хаёл, ижодий тасаввур ривожланади, кўнгил хотиржамлигига эришилади.

2.Бола ўзгалар хатти-ҳаракатларини таҳлил қилишни ва бу билимларини ўз хатти-ҳаракатларида қўллашни ўрганади.

3.Эртактерапия катталарга ҳам ўз  қўрқувларини енгишга ёрдам беради, улардаги агрессивлик ва хавотирликни камайтиради.

Ушбу йўналишда ҳозирги замон болалари ҳам эртаклар ёрдамида дунёни билиш ва ҳаёт сабоқларини ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Жаҳоннинг кўзга кўринган психологларининг таъкидлашича, эртактерапиясига саломатликни асраш, жумладан, қўрқувни енгиш, руҳиятдаги салбий ҳис-туйғуларни бартараф этиш технологияси деб қараш мақсадга мувофиқдир.

Австралиялик таниқли психолог олим Д.Берттнинг қайд этишича, “Бола-кичкина инсонгина эмас, алоҳида шахс ҳамдир. У сеҳрли ҳикоя ва эртаклар ёрдамида ўз орзу-умидларининг аксини кўради. Руҳиятдаги қўрқув ҳисси йўқолиб, муаммоларини ечишга ижобий қаҳрамонлардан ўрнак олишга интилади. Қолаверса, эртак ва ҳикоялар мурғак қалбларда дадиллик ва ўз кучига ишонч ҳиссини уйғотади. Бу эса бола психологиясининг барқарор шаклланишида фавқулодда муҳимдир. Ўзига бўлган ишончини йўқотган бола муаммолар билан курашмай қўяди ва ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмайди.

Бола эртак орқали яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузликни бир-биридан фарқлашни ўрганади. Энг муҳими, улар қалбида қўрқув ҳиссини енгиш, ғов ва қийинчиликдан ҳадиксирамаслик туйғулари шаклланади.

Эртак қаҳрамонларининг энг мушкул ва хатарли вазиятларда ҳам ғовларни сабот билан енгиб ўтишдан ўрнак ола билган бола маънан ва руҳан кучли бўлиб вояга етади. Мураккаб вазиятга дуч келганда, тушкунликка тушмайди. Муаммолар, шубҳасиз, ортда қолиб, албатта, бахтли кунлар келишига ишонади.  Эртаклардан олинган хайрли ўгитлар боланинг ҳаётига муҳрланиб, улар улғайгандан кейин ҳам ниҳоятда астқотади.

Марказимизда фаолият олиб бораётган “Кутубхона иккинчи оилам” клуби фаолиятида ҳам ушбу йўналиш бўйича ижодий ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар томонидан саҳналаштирилган эртаклар намойиши ҳам китоб мутолаасига меҳр уйғотиш билан биргаликда ижодий сифатларни шакллантиришга хизмат қилади. Айниқса,  саҳналаштирилган эртакларда болажонларнинг иштироки орқали уларда ўзаро  муносабат, мулоқотга киришиш, эслаб қолиш қобилиятлари шаклланади. Клуб доирасида “Эртактерапия лойиҳаси” бўйича турли хил эртаклар намойиши ўтказилиб борилади. Бу эртаклар қандай яратилади? Биламизки, баъзи болажонлар қоронғуликдан қўрқади ёки ўта тортинчоқ бўлади. Ана шундай ҳолатларни бартараф этувчи эртаклар намойиши билан болаларда бундай камчиликлар бартараф этилади.

Бувижоним эртаклари” лойиҳаси доирасида болаларнинг ёшига, қизиқишига қараб эртаклар, ҳикоялар, масаллар ўқиб бериш орқали, театрлаштирилган эртаклар намойиши, кўрганлари асосида расмлар чизиш машғулотларини ўткашиш каби кутубхоначилик турлари болажонларнинг идрок этишни, фикрлашни, оғзаки нутқни, дунёқарашни шакллантириш учун хизмат қилади. Айнан болажонлар билан халқ оғзаки ижоди намуналаридаги ёки халқ эртакларидаги яхшилик ва ёмонлик, жасурлик, ҳушёрлик каби хислатларларни шакллантиради. Бу ёшда болаларга тез таъсир қилади ва ёдида қолади. Болаларнинг фикру хаёлларини эртак қаҳрамонларидан келиб чиққан ҳолда, бахс мунозара, ўқиш маҳорати танловлари, қувноқ ўйинлар, викториналар, овозли ўқишлар ташкил этиш орқали болажонларни мунтазам ўқишга жалб этиш яхши самара бериб келмоқда.

 

Болалар иштирокида ўтказиладиган эртаклар қанча мазмунга бой бўлишига қарамай узоқ чўзилиб кеца бола тез чарчаб қолади ва лоқайд китобхонга айланади. Шунинг учун намойиш этиладиган эртаклар бир неча саҳналарга бўлинади ва ҳар бир саҳна кўриниши 10-15 дақиқа давом этади. Болаларнинг зерикиб қолмаслигига замин яратади. Ҳар бир саҳна кўринишидан сўнг тўхталиб қисқа савол-жавоблар, эртак қаҳрамонларининг қай бири сизда ўқишга иштиёқ ва фикрлашни уйғотди; сиз билган қаҳрамонлар қандай ижобий фазилатларга эга; қайси қаҳрамон сизни нимаси билан мафтун этди; эртакдаги қай бир қаҳрамонга ўхшагингиз келди каби саволлар болаларнинг ўқиган китоблари тўғрисида янада кўпроқ маълумот олишга кўмак бериш билан бирга болаларда янада фаолликни оширишди. Маълумки мамлакатимиз ёшларини етук инсонлар қилиб тарбиялашда, билимли ва илмга чанқоқ келажак авлодни яратишда, китобхонлик ва мутолаа маданиятини оширишда кутубхоналарнинг ўрни беқиёс экан, тарғибот ишларини ташкил этиш муҳимдир. Марказимизда ота-оналар билан биргаликда “Оилавий китобхонлик асосида болалар маънавиятини шакллантириш” мавзусидаги давра суҳбатлари, мулоқотлар уюштириш, фаол китобхонлар ўртасида мусобақалар ташкил этиш, ота-оналар учун “Китобхон она – китобхон бола”,  “Энг фаол китобхон оила”, “Болага китоб беринг” каби мусобақаларни ташкил этиш, тарғибот ишларини олиб бориш орқали китоб мутолаасига муносабатини мунтазам ўрганиб бориш яхши самара бермоқда.

Бу борада вилоятимиздаги туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида ҳам турли хил клуб, лойиҳалар асосида ўз иш фаолиятларини олиб бормоқдалар. Жумладан:

– Асака туман ахборот кутубхона марказида “Кутубхона-зиёхона” фаол китобхонлар клубининг “Бувижоним эртаклари” йўналишининг “Эртаклар яҳшиликка етаклар” лоиҳаси асосида саҳналаштирилаётган эртак намойишлари болажонлар қизиқишини  янада орттирмоқда.

– Булоқбоши туман ахборот-кутубхона маркази “Эртаклар яхшиликка етаклар” клуби фаолиятида эса нафақат жажжи болажонлар мактаб ўқувчилари ўртасида ҳам клуб фаолияти кенг йўлга қўйилган. Умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари иштирокида эртаклар мутолаа қилинади. Бу эса уларни ифодали ўқиш ва ўқиган эртакларини тенгқурлари олдида сўзлаб бериб ўз фикрини аниқ етказиб бериши учун қўшимча машғулот сифатида яхши натижа бериб, эртак қаҳрамонларини жонли тарзда ижро этишлари уларни эртаклар оламига янада чорламоқда.

АКМ мутахассислари томонидан саҳналаштирилган эртаклар эса болажонлар учун энг зўр туҳфа бўлиб, уларни кутубхонага ва кутубхоначилик соҳасига бўлган қизиқишини орттирмоқда.

– Избоскан туман ахборот-кутубхона марказида “Китобхон болажон” ёш китобхонлар клуби фаолият олиб боради. Тарбияланувчилар вақтини мазмунли ўтказиш, улар онгига маънавий, ахлоқий қадриятларимизни сингдириб бориш, она ватанга меҳр ва муҳаббат руҳида тарбиялаш, улар орасидан иқтидорли болаларни саралаб, ўз қизиқишлари бўйича йўналтиришга ва  “Китобдан яхшироқ дўст  йўқ  жаҳонда” шиори остида болажонларни китоб мутолаасига қизиқишларини ошириш, уларда мутолаа маданиятини шакллантириш мақсадида “Эртак терапияси” лойиҳаси асосида ўзбек ва қардош халқлар эртакларини овозли ўқиб берилиши билан бирга, улардаги қаҳрамонлар образларини болалар ижросида саҳналаштирилиши, жонли талқин этилиши янада қизиқарли бўлмоқда. Натижада Мактабгача таълим ташкилотлари ва  китобхон болажонлар сони йил сайин ортиб бориши кузатилмоқда.

– Олтинкўл туман ахборот-кутубхона марказида эса “Эртаклар яхшиликка етаклар клуби” доирасида нафақат эртак намойиши, эртак мутолаасидан ташқари “Моҳир қõллар барчасини уддалар” лойиҳаси барча болажонларнинг энг севимли машғулотига айланиб улгурди. Бундан болажонлар иштирокида кўплаб эртак қаҳрамонлари қўл меҳнатлари орқали ясалиб, болалар иштирокида эртаклар саҳналаштирилади. Болажонлар ўзлари ясаган қўл меҳнатлари орқали кўргазмалар ташкил этилади.

 

 

– Қорасув шаҳар, Андижон, Жалақудуқ, Пахтаобод, Улуғнор, Шаҳрихон   туман ахборот-кутубхона марказлари ҳам  “Бувижоним эртаклари”, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Эртактерапия” лойиҳалари асосида олиб бораётган ишлари ўз самарасини бермоқда. Мутахассислар томонидан ўтказилаётган бир-биридан қизиқарли машғулотлар  сабаб клуб аъзолари сони ортмоқда.

Ота-оналарга маслаҳатлар:

1.Ота-оналар фарзандига эртакни ҳар куни ўқиб берса ёки айтиб берсалар мақсадга мувофиқдир. Чунки бу ота-онага дилбандининг эртакга қандай муносабат билдирганлигини кузатиш имконини беради. Қолаверса, ота-она фарзанди билан биргаликда эртаклар оламига сайр қилади, бу эса боланинг унга ёлғиз саёҳатидан кўра афзалдир.

2. Болалар ўзгалар томонидан тасвирланган образларни яхшироқ қабул қилиш қобилиятига эга. Шунинг учун фарзандингизга эртак айтиб бериш чоғида унда ёзилган барча манзараларни тасвирлаб беришга ҳаракат қилинг.

3. Болангизга эртакни ўзи танлаш имконини беринг. Агар у ўн марталаб ъъҚизил қалпоқчаъъ ҳақида эшитишни хоҳласа, демак бу бекорга эмас. Бу эртак унинг онги шаклланишига нимадир бермоқда, унда қандайдир жараён содир бўлмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, китобхонликни шакллантириш борасида, энг асосийси ҳар биримизга таъсирчан, воқеаларга бой, ғаройибот ва мўжизакор ҳаёт ҳисобланган халқ эртаклари, достонлари, ривоятлари битилган китобларни болаларга ўқиб беришдан чарчамаслик, уларни доимо китобхонликка даъват қилиш юртимиз ворисларининг буюклар сафидан муносиб ўрин олиш имконини яратади.